Ҳозирда «Истиқлол» санъат саройи деб аталаётган собиқ «Халқлар дўстлиги» саройига аввалги номи қайтарилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида шундай таклиф билан чиқди. Давлат раҳбари матбуот хизмати бу ҳақда тегишли видеолавҳани эълон қилган.

Уруш пайтида Украина, Беларусь ва Россиядан турли миллатга мансуб 1 миллиондан ортиқ аҳоли, шу жумладан 200 минг ёш болалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Халқимиз уларга меҳр бериб, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаган. Айниқса, жуда кўп ўзбек оилалари етим болаларни ўзига фарзанд қилиб олиб, тарбиялаган. Ана шулардан бири – 14 нафар етим болани ўз тарбиясига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадонидир, деган Шавкат Мирзиёев.

«Ер юзидан жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда», – дея таъкидлаб ўтди президент.

«Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган Халқлар дўстлиги, деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак адолатли бўларди», – дея қайд этган давлат раҳбари.

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги кўчага Шомаҳмудовлар номи қайтарилади. Метро бекати ҳам «Халқлар дўстлиги», майдон ҳам Дўстлик майдони, «Истиқлол» санъат саройи ҳам «Халқлар дўстлиги» деб қайтарилади, деди Шавкат Мирзиёев.

«Бизнинг бағрикенглигимиз ота-боболаримиздан қолган ва қолади. Илоҳим, болаларимизга ҳам шу ўтсин. Ана шу адолат бўлади», – дея таъкидлаб ўтди президент.

Изоҳ қошинг

Your email address will not be published. Required fields are marked *